Самарқанд вилояти Булунғур тумани
Мактабгача таълим бўлими

Мактабгача таълим тизимида қандай ютуқларга эришилди?

Мактабгача таълим вазирлиги (МТВ) янги ўқув йили арафасида “2018–2019 ўқув йилида мактабгача таълим тизимини ривожлантиришининг стратегик устуворликлари – ҳаммабоплик ва сифат” мавзуидаги анжуманини  ўтказди. 27 август куни республика Мактабгача таълим муассасалари (МТМ)нинг педагог ва раҳбар ходимлари иштирокида биринчи йиллик конференция ўтказилди.

 Манба:Кун.уз

Нодавлат мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Тошкентдаги Пучон (Жанубий Корея) университети филиали, шунингдек ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ ва Жаҳон банки вакиллари тадбир меҳмони бўлишди.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ўз чиқишида МТВнинг шу кунга қадар эришган ютуқларини қайд этиб ўтди:

  • 27 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш орқали мактабгача таълим тизимининг ҳуқуқий базаси яхшиланди;
  • МТМ моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда ва тармоғи кенгайтирилмоқда. 2018 йилда таъмирланаётган мактабгача таълим муассасалари сони 2017 йилдагига нисбатан қарийб 3 баробарга (105 тага нисбатан 298 та), янги қурилиш объектлари сони эса 2 тадан 40 тага ошди;
  • Нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғи кенгаймоқда, уларнинг сони 568 тага етди;
  • Давлат-хусусий сектор шерикчилиги тамойили асосида ташкил этилган мактабгача таълим муассасалари сони жадал ортмоқда – бугунги кунгача давлат-хусусий сектор шерикчилигига доир 741 та келишув имзоланди;
  • Педагоглар ва тарбиячилар малакасини ошириш ишлари ўтказилмоқда. 2018 йилда 9 мингдан зиёд ходим қайта тайёрланди;
  • “Болани мактабгача таълим муассасасига навбатга қўйиш” интерактив хизмати йўлга қўйилди;
  • Мактабгача таълим педагоглари базавий тариф ставкалари 2 баробарга оширилди;
  • Ҳисоботлар ҳажми сезиларли даражада қисқартирилди;
  • Мактабгача таълим бошқаруви ахборот тизими (EMIS) жорий этилди.

"Мактабгача таълим муассасаси – бу ўзига хос олам, унда болалар, ота-оналар, тарбиячилар ва ходимлар манфаатлари тўқнаш келади. Биз ҳар бир мактабгача таълим муассасасида бола ўзини қулай, хавфсиз ва манзур сезиши учун учун барча ишларни биргаликда амалга оширишимиз лозим, токи бола у ерга қувонч билан қатнасин”,– дейди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Сессия Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги 34-сонли ва 164-сонли мактабгача таълим муассасаларида ўтказилди, у ерда олти мавзудаги майдонлар ташкил этилди:

  1. Аутсорсинг услубида болалар учун соғлом ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш;
  2. Мактабгача таълим муассасасида инновацион таълим муҳитини ташкил этиш;
  3. OpenEMIS таълим бошқаруви ахборот тизимини жорий этиш;
  4. Табиатда таълим фаолиятидан лавҳа;
  5. Мактабгача таълим муассасаларидаги тарбия-таълим жараёнларида мультимедиа технологияларини қўллаш;
  6. Мактабгача таълим муассасаларидаги ривожлантириш марказларини жиҳозлашга ижодий ёндашув.

Таъкидлаш жоизки, мазкур мактабгача таълим муассасалари фаолияти намуна сифатида кўрсатилди. Бу ерда бутун Ўзбекистондан ташриф буюрган МТМ раҳбарлари учун маҳорат дарслари ўтилди. Уларда инновацион усуллар билан бир қаторда педагогларга қўл остидаги буюмлардан ясалган ўйинчоқлардан фойдаланиб, болаларни таълим жараёнига қизиқтириш усуллари намойиш этилди.

Тадбир ўтган даврга якун ясаш, “ўсиш нуқта”ларини белгилаш ва келгуси ўқув йили учун асосий вазифаларни белгилаш имконини берди. Конференция мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш учун самарали баҳс-мунозара майдони бўлди.

Унда қатнашган вилоятлар мактабгача таълим муассасалари раҳбарлари ўзлари учун кўп фойдали маълумотларга эга бўлганликларини қайд этишди. Олинган тажриба ҳар бир минтақа ва мактабгача таълим муассасасининг шароитидан келиб чиқиб, амалда қўлланилиши таъкидланди.

Тадбир сўнгида Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.


Киритилган вақти: 28/08/2018 15:12;   Кўрилганлиги: 566
 
Материал манзили: http://bulungurmtb.uz/news/maktabgacha-talim-tizimida-qanday-yutuqlarga-erishildi
Чоп этилган вақт: 30/05/2020 06:02