Самарқанд вилояти Булунғур тумани
Мактабгача таълим бўлими

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШНИНГ МОҲИЯТИ НИМАДА?

Тасаввур қилинг, қўлингизда Ўзбекистон харитаси ва унга қараб ҳудудларга доир бирламчи маълумотларни айтиш мумкин. Масалан, Қорақалпоғистонда қанча аҳоли яшайди, Хоразмда бандлик масаласи қай аҳволда, Сурхондарёда нечта таълим муассасаси бор, Самарқанд вилоятида аҳоли зичлиги қандай ва шунга ўхшаш бошқа муҳим маълумотлар. Бироқ бундай юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан бугунги жадал ривожланиш ва ислоҳотлар даврида узоқни кўзлаб ниманидир режа қилиш қийин, албатта.

Қўлимизда ҳар бир ҳудудга доир аниқ фактлар бўлса, режаларимиз ҳам, амалларимиз ҳам манзилли ва пухта бўлади. Айнан шунинг учун бизга бутун республикани қамраб оладиган ишончли маълумотлар керак ва улар тадрижий равишда янгиланиб борилиши шарт. Бундай аниқ ва яхлит маълумотлар эса аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Шунга қараб ўтмиш ва бугун ҳақида фикр-мулоҳаза юритиш ҳамда келажакни фаразлаш мумкин. Шунингдек, бу аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, оилавий ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумот олишнинг ягона манбаи ҳамдир. Маълумки, БМТнинг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган Айни пайтда МДҲ мамлакатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта бундай ҳисобкитоб ишлари олиб борилмаган. Бундай саноқ сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи, 1989 йилда ўтказилган эди. Ҳолбуки, халқаро тажрибадан маълумки, кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбири камида ҳар ўн йилда бир маротаба ташкиллаштирилиши анъанага айланган. Республикамизда ҳам энди ана шундай муҳим жараён йўлга қўйилади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги 710-сонли қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади. Аҳоли сонини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барчага тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилишнинг ягона жараёнидир. У аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади. Аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади. Ўз навбатида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади. Аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш бўйича расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди. Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчиси, тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йилга яқин вақт давом этади. Иккинчиси, асосий босқич бўлиб, бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади. Бу тахминан икки ой муддатни ташкил этади. Сўнгги босқич қарийб уч йил давом этиб, олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилиниб, натижалар эълон қилинади. Рўйхатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар ягона электрон ахборотлар тизимига киритилади. Яъни бундан бу ёғига қоғозбозликдан воз кечиб, замонавий технологияларни жорий этишга эътибор қаратилади. Рўйхатга олувчиларни танлаш ҳам энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига бевосита айни улар масъул бўлади ва шакллантирилган маълумотлар реал бўлиши шарт. Бу жараёнга жалб этиладиган ходимлар ҳар хил ёшда ва касбда бўлиши, биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари, статистика йўналишида таҳсил олаётган талабалар, магистрлар, шунингдек, таянч докторантлар бўлиши мумкин. Ёши ва касбидан қатъи назар, аҳолини рўйхатга олувчилар учун қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади ва зарурат туғилса, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади. Аҳолини рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатлар амалдаги ҳужжатларга, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ белгиланади. Жараённи давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига молиялаштириш кўзда тутилган. Амалдаги меъёрий ҳужжатларга биноан, якуний маълумотларни уч тилда эълон қилиниши кўзда тутилган. Чора-тадбирлар дастурида аҳолини рўйхатга олиш натижаларини расмий чоп этиш, тарқатиш, ахборот билан таъминлаш ва эълон қилиш, аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки ва якуний маълумотларини архивда сақлашга тайёрлаш муддати 2025 йил 1 декабрга қадар, деб кўрсатилган. Яъни маълумотлар билан танишишнинг охирги чегара муддати белгиланган. Бироқ агарда тезкор фаолият юритилса, ушбу муддатдан олдин ҳам эълон қилиш имконияти мавжуд. Булунғур туман статистика бўлими.

Охирги ўзгариш вақти: 10/09/2021 13:33;   Кўрилганлиги: 24
 
Материал манзили: http://bulungurmtb.uz/news/aholini-royxatga-olishning-mohiyati-nimada
Чоп этилган вақт: 27/09/2021 07:04